Президент Шавкат Мирзиëев имзолаган “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга мувофиқ умумий ўрта таълим муассасалари ходимлари ойлиги оширилди.
Расмий хабарга кўра¸ 2018 йилнинг сентябридан «умумий ўрта таълим муассасалари ходимларининг базавий тариф ставкалари 2018 йил 1 сентябрдан бошланғич синф ўқитувчилари учун 1,1 бараварга, юқори синф ўқитувчилари учун ўртача 1,24 бараваргача, директор, унинг ўринбосарлари ва ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначилари учун 1,1 бараварга оширилган.
Президент қарорида шунингдек¸ педагог ходимларга арзон уй сотиб олиш учун 25 йиллик имтиëзли ипотека кредитлари ажратиш¸ машина олиш учун кредитлар бериш¸ улар оилаларига ҳам тадбиркорлик учун имтиëзли кредит бериш ҳам кўзда тутилади.
Жорий йилнинг июнь ойида Халқ таълими вазири этиб тайинланган Шерзод Шерматов¸ ўқитувчилар маошини оширишни ўз олдидаги асосий вазифалардан бири сифатида тилга олган эди.
“Охирги уч йилликни сарҳисоб қиладиган бўлсак, умумий ўрта таълим соҳасида фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг ойлик маошлари энг паст бўлиб, ўсиш суръати ҳам бошқа соҳа вакиллари маошларига солиштирганда анча паст бўлган. Натижада 2016 йилда мактаб таълими соҳасидаги ўртача ойлик Молия соҳасиникига нисбатан атиги 48 фоизни ташкил этган бўлса, бу йилга келиб 42 фоизгача камайганини кўриш мумкин”¸ деб ëзди янги вазир 12 июль куни ўз Facebook саҳифасида.
Президент Шавкат Мирзиëев йиллардан бери ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий жиҳатдан мамлакатдаги энг заиф тоифалардан бири бўлиб келаëтган ўқитувчилар эътиборини кўтариш ҳақида бир неча марта гапирган.
Хусусан¸ 17 июль куни Шавкат Мирзиёев раислигида умумий ўрта таълимни ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишлаб Тошкентда ўтказилган йиғилишда ўқитувчиларни ҳимоя қилиш бўйича махсус комиссия тузиш ҳақида топшириқ берилган эди.