Хорижда таълим олаётган кўплаб тожикистонликлар ватанга кайтишни истамайди
28 июнь куни Озодликка етиб келган ушбу тадқиқот хулосаларига кўра, сўровда иштирок этган тожикистонлик талабаларнинг 65 фоизи таълим олаётган мамлакатда қолиб ишлаш ниятини билдирган.
Сўров қилинганларнинг фақат 28 фоизи Тожикистонга қайтишни хоҳлайди.
Тадқиқот муаллифи София Қосимованинг фикрича, кўплаб тожикистонлик ёшлар хориждаги таълимдан хорижда қонуний қолиш ва фуқаролик олиш воситаси сифатида фойдаланадилар.
Сўровда Тожикистонда соғлом рақобат йўқлиги, ойлик маошларнинг камлиги, ишга кириш учун таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик мавжудлиги ва коррупция ватанга қайтишдан воз кечиш сабаблари сифатида келтирилган.
Санкт-Петербург давлат университети доценти Фаррух Сатторов Озодлик билан бўлган суҳбатда Россия университетини битиргач, Тожикистонга қайтиб, ўз ихтисоси - инноватика соҳасида иш тополмай сарсон бўлганини айтди.
Тожикистон иқтисод вазирлиги уни "бугун -эрта" дея ваъда бериб, ишга олмагач, яна Санкт-Петербургга қайтиб боришга мажбур бўлган.
Маҳалий таҳлилчи Абдумалик Қодировнинг Озодликка айтишича, маошни жуда камлиги ва тор маҳалийчилик билан бирга Тожикистонда ёш мутахассислар яхши иш топиш учун қатор тўсиқларга дуч келадилар.
- Ғарб давлатларида таълим олиб Тожикистонда ўз ғояларини амалга ошишга уринган ёш мутахассис аввало бюрократик тўсиқлар билан юзма-юз бўлади. Тожикистонда ишбилармон ва илғор ғоялари бор ёш мутахассисларга ишлаш қийин. Зеро, давлат идораларидаги аксар раҳбарлар бундай мутахассисларга рақиб ёки ўз мансабларига таҳдид сифатида қарайди, - деди Абдумалик Қодиров.
Тожикистон маориф ва илм вазирлиги маълумотига кўра, бугунги кунда мамлакат ташқарисида 29 минг 460 тожикистонлик ёшлар таълим олмоқда.
Тожикистон қонунчилигида давлат квотаси асосида чет эл олийгоҳларида таълим олаётган ёшлар ўқишни битириб, 5 йил давомида ватанда ишлари шарт.
Аммо бундай талабалар хорижий университетларда жуда оз бўлиб, тожикистонлик ёшлар асосан ота-оналари маблағи ҳисобига Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Ғарб давлатларида таълим олмоқда.
Тожикистонда маош камлиги ва турмуш шароит оғирлиги сабабли кўп тажрибали мутахассисалар мамлакатни тарк этмоқда.
Тожикистон меҳнат вазирлиги маълуомтига кӯра, 2018 йил давомида фақат Россияга 30 мингга яқин фуқаро, айниқса, тиб ходимлари ва техник мутахассислар оила аъзолари билан кўчиб кетган.
Тожикистон Соғликни сақлаш вазирлиги мамлакат шифохоналарида 1 минг шифокор ва 3 минг тиббий ҳамширага эҳтиёж борлигини эълон қилган.