Тожикистоннинг 9 миллионинчи фуқаросининг туғилишига атиги бир неча кун қолди. Чақалоқ ва унинг ота-онасига совғалар берилиши кутилмоқда.
Бу ҳақда Мамлакат президенти ҳузуридаги Статистика Агентлигининг демографик ҳисобот, аҳоли бандлиги ва ижтимоий статистика бошқармаси мудири Абдували Қулов маълум қилди. Унинг айтишича, шу йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, Тожикистон аҳолисининг сони 8 млн 973 минг кишини ташкил қилган.
Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва ижтимомй муҳофаза вазирлигининг маълум қилишича, апрель ойида 20 минг бола дунёга келган.
Вазирликдаги манбаларнинг 23 май куни хабар беришича, улар Статистика Агентлиги билан биргаликда бу масала устида иш олиб боришмоқда ва бу мақсадлар йўлида яқин уч кун ичида мамлакатдаги барча туғруқхоналарда 9 миллионинчи фуқаронинг дунёга келишини аниқлаш мақсадида туну-кун навбатчилик йўлга қўйилган. Туғилган 9 миллионинчи чақалоқнинг оиласига совғалар топширилади. 2013 йилда Тожикистоннинг 8 миллионинчи фуқароси туғилган оилага Душанбе шаҳридан тўрт хонали уй калити топширилган эди.
Туғилиш бўйича Тожикистон собиқ совет республикалари орасида етакчилик қилади. Расмий статистика маълумотларига кўра, мамлакат аҳолиси ҳар йили 2,2 фоизга ёки 200 минг кишига кўпаяди.