ПОП. "Наманган вилоят, Поп туманидан мактуб йўлламоқдаман. Оилалиман, 3 фарзандим бор. Шу кунларда хотиним билан ажрашиш учун фуқаролик судига ариза билан мурожаат қилмоқчиман. Ажрашиш қарорига нима сабаб бўлди, дейсизми? Гап шундаки, хотиним мактабда Ёшлар иттифоқининг етакчиси бўлиб ишлайди. Ишга кўмилиб кетиб, оиласини ҳам эсдан чиқарган, менга, фарзандларига меҳри йўқолган. У якшанба кунлари ҳам Ёшлар иттифоқи таклифи билан турли тадбирларга боради. Мана, ўтган якшанба Попга тозалик тадбирига боришди.
Ёшлик иттифоқи етакчиларига пайдар-пай келаётган топшириқларни кўриб, ҳайрон қоласиз: қабристонда ҳашар; бўш иш ўринлари рўйхатини тузиш; жиноятчиликка кураш ҳақида ишлар ҳисоботини тайёрлаш; раис Қаҳрамон Қуронбоевнинг ташрифи юзасидан фавқулодда йиғилишга келиш; ёлғиз қарияларнинг ерини чопиб, уйини тозалаб бериш; арча кўчати экиш; шанбаликда фаол қатнашиш… Яна "кесилган дарахтлар тўнкаларини чиқариб ташлаш ва бу жараённи ижтимоий тармоқда #тўнкага_қарши_кураш хештеги остида ёритиш" деган антиқа топшириқ ҳам келган. Аксар топшириқларда "Зудлик билан!", "Срочно!" каби огоҳлантиришлар, "Албатта формада келинсин" каби эслатмалар ва бошқа писандалар ҳам илова қилинади.
Дам олиш кунисиз ишлаб олган маоши йиғилишу тадбирга қатнашга етади, холос. Ёшлар иттифоқининг маҳаллий раҳбарлари эса ишдан ҳайдаш билан қўрқитиб, қўл остидагиларни беармон ишлатмоқда. Бунинг ортидан оилалар бузилиб кетиши мумкинлиги билан эса, уларнинг иши йўқ. Ёшлар иттифоқининг раҳбарига хотиним билан ажрашмоқчи эканимни айтдим, норасидаларнинг кўз ёшидан қўрқинглар, деб огоҳлантирдим. Аммо вазиятга жиддий қарашмади.
Хотиним бошқаларнинг оиласига ёрдам бераман, дея ўз оиласини барбод қилмоқда. Қизиқ, ўз фарзандларини меҳрдан мосуво этган аёл бошқаларнинг фарзандига меҳр бера олармикан? Бир оиланинг бузилиб кетишига сабаб бўлаётган ёшлар ташкилоти фаолиятини қандай баҳолаш керак?"
******************************************************************************
Резюме
"Sizdan Telegram" лойиҳасида Сиздан келаётган хабарлар, фото ва видеолар ўрин олади. Telegram, WhatsApp тармоғидаги рақамларимиз: +420 724 971 539; +420 724 740 755. Электрон почтамиз: ozodlikmail@gmail.com 60 йилдан зиёд вақт мобайнида холис журналистика андазалари асосида фаолият юритаётган Озодлик радиоси, агар истасангиз, шахсингиз сир қолишини кафолатлайди. ******************************************************************************
Илтимос, "Sizdan Telegram" лойиҳасига юбораётган хабарингизга, имкони бўлса, фото, видео ёки бошқа ҳужжатларни илова қилинг!