Жаҳон сайёҳлик ташкилоти маълумотига кўра, дунё бўйлаб сайёҳларнинг қарийб 60 фоизи энг қиммат эканига қарамасдан, ҳаво транспортидан фойдаланади. Шундай экан, туризм салоҳиятини оширишда авиақатновларнинг тутган ўрнига алоҳида эътибор
қаратилди.
22 февраль куни Шавкат Мирзиёев раислигида ички туризмни янада ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясиниг бу борадаги сусткашлиги қаттиқ танқид қилинди.
— Авиачипталар нархини оптималлаштириш, янги рейслар очиш, транзит йўловчиларни ташиш имкониятини ошириш ва авиақатновлар географиясини кенгайтириш бўйича натижали иш олиб борилмаяпти, - дея, алоҳида таъкидлади Президент.
Шундан келиб чиқиб, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси олдига қатор вазифалар қўйилди. Уларга мувофиқ авиакомпания тизимига замонавий маркетинг жорий этилади, дунё аэропортларида мавжуд бўлган махсус мосламалар, мобиль алоқа воситалари ёрдамида авиачипта сотиб олиш имкониятлари яратилади.
Чет эл тажрибасини ўрганиш асосида “Қарши” аэропортида “Очиқ осмон” режими жорий қилиниб, сайёҳларга кенг эркинлик яратилмоқда. Келгусида шундай тизим Андижон, Нукус ва Навоий аэропортларида ҳам қўлланади.
Йиғилишда қайд этилганидек, 30 кунгача виза олиш бекор қилинганидан кейин икки кун ичида Исроилдан Ўзбекистонга келиш учун июнь ойигача бўлган авиачипталар сотиб бўлинган. Шу боис виза режими бекор бўлган давлатлардан қатновлар сони оширилади, Тошкент шаҳридан ташқари Бухоро, Самарқанд, Урганч, Навоий ва Қарши шаҳарларига ҳам тўғридан-тўғри рейслар очилади.
Президент сайёҳларнинг кайфиятига таъсир қиладиган энг кичик жиҳатларгача эътибор қаратди. Аэропортлар залларидаги чироқлар хиралиги, паспорт назорати кабиналари тўлиқ ишламаслиги, узундан-узоқ сунъий навбатлар, такси хизмати кўрсатувчи хусусий автомобиль эгаларининг тартибсизлиги каби ҳолатларни яхшилаш бўйича ҳам топшириқлар берилди.