Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 25 январь куни «Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади. Бу ҳақда пайшанба куни пресс-холлда маълум қилинди ва мазкур қарор шарҳи билан таништирилди.
Шарҳда қуйидаги маълумотлар келтирилди:
2017 йилда тез тиббий ёрдам хизмати учун 1269 та ихтисослаштирилган автотранспорт харид қилинди ва бунинг натижасида ҳудудларнинг ушбу техникага бўлган эҳтиёжи тўлиқ қопланди. Тез тиббий ёрдамнинг сайёр бригадаларини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш кўрсаткичи 2 баравар кўпайди.
Шу билан бирга, тез тиббий ёрдам кўрсатиш самарадорлиги ҳали-ҳануз замонавий талабларга жавоб бермайди. Сайёр бригадаларнинг бир марта қўлланиладиган тиббий буюмлар ва тиббий жиҳозлар билан таъминланганлиги қониқарсиз даражада қолмоқда.
103 телефон рақами орқали тушаётган ҳар бир чақириқни, унинг устуворлик ва шошилинчлик даражасидан қатъий назар, сўзсиз бажариш қоидасига асосланган аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатишнинг ташкилий тузилмасини оқилона тузилма, деб бўлмайди. Ҳозирги кунда тез тиббий ёрдам бригадалари томонидан бажарилаётган чақириқларнинг 30 фоизи инсон ҳаётига хавф туғдирмайдиган сурункали касалликлар бўйича бажарилаётгани бундан далолат бермоқда.
Юқоридагиларни эътиборга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ушбу тизимни ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишлари, тез тиббий ёрдам хизмати фаолияти сифати ва натижадорлигини ошириш, шошилинч тиббий ёрдам соҳасида илмий тадқиқотлар доирасини кенгайтириш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш чора-тадбирлари назарда тутилган. Булар:
тез тиббий ёрдам хизматининг бирламчи соғлиқни сақлаш бўғини муассасалари билан самарали интеграциясини таъминлаш механизмларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш йўли билан тез тиббий ёрдам хизмати самарадорлигини, у томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг тезкорлиги ва сифатини ошириш;
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг филиаллари ва туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари шошилинч тиббий ёрдам бўлимларининг ҳамда тез тиббий ёрдам бригадаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шу жумладан, уларни замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлаш ва қўшимча жиҳозлаш;
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва ҳудудий филиалларининг кадрлар, илмий ва техник салоҳиятини кенг жалб этиш йўли билан тизим учун тиббий кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш;
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси ва РШТЁИМ ҳудудий филиаллари тез тиббий ёрдам станциялари қошида тез тиббий ёрдамни чақиришга мўлжалланган туну кун ишлайдиган, ягона телефон рақамининг узлуксиз фаолиятини таъминлайдиган Call-марказлар ташкил этиш белгиланган.
Шу билан бирга, Президентнинг қарори билан тасдиқланган Чора-тадбирлар дастурида ҳудудларга амалий ёрдам бериш учун Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази мутахассисларининг минтақаларга мунтазам равишда чиқишларини ташкил этиш назарда тутилган.
Шошилинч ҳолатларда ташхис қўйиш ва даволашнинг янги, самарали технологияларини яратишга қаратилган истиқболли йўналишларда илмий тадқиқотлар олиб бориш, уларни соғлиқни сақлаш амалиётига жорий этиш, шу жумладан, интервенцион кардиология, кардиохирургия, нейрохирургия, микрохирургия, эндовидеохирургия усулларини кенг ва тизимли равишда жорий этиш;
шошилинч тиббий ёрдам тизимининг врачлари ва ўрта тиббиёт ходимлари, илмий ва илмий-педагогик кадрларини жаҳоннинг етакчи хорижий клиникаларида қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш;
қарорнинг тегишли банди билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига бир ой муддатда тиббиёт муассасалари раҳбарлари шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишни асоссиз равишда рад этгани учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига маъмурий жавобгарликка тортишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш вазифаси юклатилди.
Мутахассислар томонидан олиб борилаётган илмий тадқиқотлар даражасини ошириш, шошилинч вазиятларда ташхис қўйиш ва даволашнинг янги истиқболли усулларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш ушбу қарордан кутилаётган натижалар ҳисобланади. Бу, ўз навбатида, даволаш жараёни самарадорлигини оширибгина қолмай, балки стационарда даволаниш муддатларини ва ушбу мақсадлар учун сарф-харажатларни қисқартиришга хизмат қилади;
фуқароларнинг малакали тиббий хизматларга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш, тез тиббий ёрдамнинг сифатини ошириш учун ташкилий, иқтисодий ва ҳуқуқий шарт-шароитлар яратади;
тез тиббий ёрдам хизмати амалиётига замонавий илмий-техник воситаларни, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш йўли билан унинг тезкорлиги, сифати ва самарадорлиги даражаси оширилади.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу қарор ва у билан тасдиқланган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар шошилинч тиббий ёрдам тизимини, шунингдек, тез тиббий ёрдам хизматини янада такомиллаштиришда, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янги даражага кўтаришда, илғор хорижий тажрибани амалиётга жорий этишда, соҳа мутахассис-олимлар томонидан олиб борилаётган илмий-тадқиқот фаолияти кўламларини кенгайтиришда дастуриламал бўлади. +