Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Вашингтонга келди, дея хабар берди унинг матбуот хизмати. Уч кунлик расмий ташрифи мобайнида Нурсултон Назарбоев АҚШ президенти Дональд Трамп, шунингдек АҚШ расмий ва ишбилармон доираларининг вакиллари билан учрашади.
Назарбоевнинг БМТ Хавфсизлик Кенгаши мажлисида иштирок этиши режалаштирилган. Қозоғистон расмий матбуотининг аввалроқ маълум қилишича, ташриф якунлари бўйича стратегик ҳамкорлик ва “бир неча миллиард долларлик” Келишувлар имзоланиши кутилмоқда.
Оқ уй ташриф арафасида, Назарбоевнинг президент Трамп билан учрашувида “стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш билан боғлиқ йўллар муҳокама қилиниши кутилаётгани” борасида маълум қилган эди. АҚШ ва Қозоғистон президентларининг музокаралари кун тартибига халқаро масалалар, шу жумладан Афғонистон мавзуси киритилган.
Қозоғистон янгиликлар агентликлари ташриф арафасида баёнот бериб, Трамп ва Назарбоев музокараларда Россия билан муносабатлар, Суриядаги уруш, шунингдек савдо масалалари мухокама қилинишини маълум қилган эди.