Туркия президенти Ражап Тойиб Эрдоған АҚШ қўл остида тузилаётган, зиммасига Сурия-Туркия чегарасидаги курд ҳудудларини ҳимоя қилиш вазифасини юклаш тахмин қилинаётган “хавфсизлик кучлари”ни қаттиқ танқид қилди.
Сони З0 минг кишигача бўлган тузилмалар, асосан, курдларнинг ўзи ва уларга иттифоқчи кучлардан ташкил топади.
Душанба куни Анқарадаги митингда сўзга чиққан Эрдоған турк ҳукумати иттифоқчи деб ҳисоблайдиган мамлакат Туркиянинг хавфсизлигига таҳдид соладиган террорчилик армиясини тузаяпти, деб айтди. Эрдоған АҚШнинг ташаббуси билан Суриянинг шимолида тузилаётган ҳарбий бирлашмаларни “йўргагида” йўқ қилиш билан таҳдид солди.
Сурия ҳукумати ҳам курд тузилмаларини яратиш режасини танқид остига олди, уларни йўқ қилишга, айни пайтда тахминан 2 минг кишилик Америка ҳарбий контингентини мамлакатдан қувиб чиқаришга ваъда берди. Дамашқнинг иттифоқчиси бўлган Россия Американинг режасини Сурияни бўлиб ташлаш ва унинг ҳудудининг бир қисми устидан Америка назоратини ўрнатишга уриниш сифатида тавсифлади.
Суриядаги деярли етти йиллик урушнинг бошидан охирига қадар АҚШ ва Туркия президент Асаднинг тузумига қаршилик қилувчи кучларга ёрдам бериб, биргаликда ҳаракат қилиб келди. Улар ўртасидаги бўлиниш, Вашингтон асосан курд жангчиларидан иборат бўлган Сурия демократик кучлари ташкилотини қўллаб-қувватлагинибоис, келиб чиқди. СДК Туркия ва Ироққа туташ чегараолди ҳудудлари, шунингдек, Сурия ҳудудининг ичкарисидаги курд аҳолисини ҳимоя қилишга отланган.