Валюта сиёсатини ҳаётга тадбиқ этиш ва мамлакатимизда банк-молия тизимини такомиллаштириш мақсадида кег кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Эркин валюта айрибошлаш учун барча шароитлар яратилмоқда.
Бироқ, шунга қарамай қонунбузарлик ҳолатлари учраб турибди. Бунинг олдини олиш учун эса ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари керакли чораларни кўришмоқда.
Жумладан, Миллий хавфсизлик хизмати Фарғона вилояти бошқармасининг тезкор ходимлари ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлиги ўтказилган рейдлардан бири натижасида Қўқон шаҳрида яшовчи уч нафар шахс йирик миқдордаги хориж валютасини сотишга уринаётган вақтда қўлга олинди.
Бу фуқаролар ўзаро тил бириктириб, ҳар бир АҚШ долларини 8 минг 300 сўмдан ҳисоблаб харидорга жами 6 минг 600 долларни 54 миллион 780 минг сўмга сотаётган вақтга қўлга олинганлар.
Шунингдек, ўтказилган рейд давомида Фарғона вилояти Учкўприк туманида ҳам икки фуқаро 7 минг 800 долларни 8 минг 240 сўмлик курс билан 64 миллион 272 минг сўмга сотаётган пайтда қўлга олинган. Тадбир давомида фуқаролардан биридан 585 доллар олиб қўйилган.
Ушбу ҳолат бўйича ҳуқуқбузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 177-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.