Флик Ямалнинг янги позициядаги ўйинини баҳолади
“Барселона” бош мураббийи Ханс-Дитер Флик “Бетис”га қарши ўйинда (5:3) Ламин Ямалнинг янги позициядаги ўйинини қандай баҳолаганини маълум қилди. 18 ёшли футболчи ўзининг одатий позициясида эмас, ҳужумчи ортида марказий ярим ҳимоячи сифатида майдонга тушди.
Ёш испаниялик футболчи битта гол уришга муваффақ бўлди — у жарима зарбасини аниқ амалга оширди. “Ламин “ўнлик” ролида жуда яхши ўйин кўрсатди.
У тўпсиз ҳаракатланишда ҳам самарали эди ва бошқа футболчилар учун бўш ҳудудлар яратди. Ажойиб ўйин!
Бу биз учун келажакда фойдаланиш мумкин бўлган янги имкониятдир”, — деди Флик ўйиндан сўнг. Шанба кунги учрашув қаҳрамони Ферран Торрес бўлди — у хет-трик қайд этди. Яна бир голни Руни Барджи киритди.