Месси: «Интер Майами»га келган кундан чемпионликни орзу қилганман
МЛС Кубоги 2025 финалидаги тарихий ғалабадан сўнг Лионел Месси ижтимоий тармоқларда кўнгилдан чиққан, ҳиссиётга бой мурожаат қолдирди. Унинг сўзларида “Интер Майами”га келган илк кунларданоқ бу лаҳзани орзу қилгани, бу галдаги муваффақият ортидаги меҳнат ва бирдамлик муҳити яққол намоён бўлди.
Месси ўз баёнотида жамоанинг босқичма-босқич ўсганини, кўтарилганини ва биргаликда ҳақиқий ўзига хос лойиҳа яратилганини таъкидлади. Афсонавий ҳужумчига кўра, бу чемпионлик нафақат клуб, балки уни қўллаб-қувватлаган оиласи ва минглаб мухлислар учун ҳам катта аҳамиятга эга.
«Майaмига келган кунимдан буён бу кунни орзу қилганман. Биз аста-секин ўсдик, ривожландик ва ҳақиқатан ҳам махсус нарса яратдик — ва ниҳоят чемпионликка эришдик. Оиламга ва барча мухлисларга қўллаб-қувватлагани учун раҳмат. Жамоага, ходимларга ва клуб раҳбариятига амбиция ва қилган меҳнати учун миннатдорман.» - деди Месси.
Шунингдек, аргентиналик юлдуз Серхио Бускетс ва Жорди Албага алоҳида миннатдорлик билдирди. Уларнинг тажрибаси, майдондаги барқарор ўйини ва етакчилик қобилияти “Интер Майами”нинг чемпионликка эришишида муҳим рол ўйнади.
«Бу саргузаштда менга қўшилгани, уни мукаммал якунлашга ёрдам бергани учун Бускетс ва Жордига ҳам раҳмат дейман. Бу лаҳзани сиз билан баҳам кўраётганимдан жуда бахтиёрман» - деди Месси.
«Интер Майами» финалда «Ванкувер Уайткапс»ни 3:1 ҳисобида мағлуб этиб, клуб тарихидаги илк чемпионликни қўлга киритди. Бу ғалаба Мессининг АҚШдаги фаолиятида янги даврни бошлади ва унга яна бир бор абадий чемпионлик руҳини ҳис қилиш имконини берди.