АҚШ Россияга ўпка сунъий вентиляцияси аппаратлари ва коронавирус тестларини йўллади
Қўшма Штатларда ишлаб чиқилган ўпка сунъий вентиляцияси аппаратларининг Россияга етказиб берилиши мумкинлиги ҳақида даставвал АҚШ президенти Дональд Трамп апрель ойи ўрталарида билдирганди. Ўтган ҳафта Трамп билан телефон орқали суҳбат чоғида Владимир Путин АҚШ президенти таклифини қабул қилган.
Аввалроқ 200 та ўпка сунъий вентиляцияси аппаратини ишлаб чиқариш ва етказиш харажатларини Қўшма Штатлар тўлалигича ўз зиммасига олгани ҳақида хабар қилинганди. Бунга 5 миллион доллар атрофида маблағ кетади.
АҚШ ва Россия ўртасида пандемия туфайли ҳозирда тижорат рейслари қарийб амалга оширилмаётгани учун жиҳозлар Россияга ҳарбий авиация воситасида етказилади. Америка расмийлари аппаратлар Россия аҳолиси учун мўлжаллангани ва бу қарор россиялик ҳарбийлар билан бирор-бир ҳамкорлик сигнали эмаслигини (бундай фаолият давлат мудофааси тўғрисидаги қонун билан тақиқланган) урғулаганлар.
Апрель ойи бошида Россия АҚШга Урал жиҳоз заводида ишлаб чиқарилган “Авента-М” русумли ўпка сунъий вентиляцияси аппаратларини йўллаган. Орадан бир ой ўтгач, иккита шу каби аппарат Москва ва Санкт-Петербург касалхоналарида ёнғин чиқишига сабаб бўлди. Шундан сўнг АҚШ расмийлари клиникалар ва омборларда сақланаётган Россия аппаратларини ишлатмасликка қарор қилганлар.