Аргентина футболи раҳбари Тапиа коррупция иши бўйича сўроқ қилинади
Аргентина футбол ассоциацияси (AFA) президенти Клаудио Тапиа ижтимоий бадаллар тўланмагани билан боғлиқ иш доирасида прокуратурага сўроққа чақирилди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Ушбу ишда AFA ғазначиси Пабло Товигино ҳам фигурант сифатида тилга олинмоқда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳар икки мансабдорга мамлакатни тарк этишни тақиқлаб қўйди.
Сўроқ 5 март куни бўлиб ўтади. Тергов маълумотига кўра, AFA ижтимоий тўловлар бўйича давлат ғазнасига 13 миллион долларни етказиб бермаган.
Шунингдек, Тапиа номидаги 10 гектарлик, вертолёт майдончасига эга мулк ҳам текширувчилар эътиборига тушди.
Прокуратура алоҳида тартибда футболчиларга берилган бонуслар миқдорини ҳам ўрганмоқда: бу кўрсаткич Тапианинг дунё бўйлаб парвоз харажатларидан кам экани қайд этилмоқда.