Мутахассис ҳарфларни муқобил шаклдагиси билан ёзиш услубидан воз кечишга чақирди.
"Интеллет" ижтимоий-таълимий, маданий-маърифий газетасининг 2020 йил 30 сентябрь кунги сонида Самарқанд шаҳридаги 52-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Моҳинур Анварованинг сўнгги вақтларда ўзаро ёзишмаларда кўп кузатиладиган - ҳарфларни муқобил шаклдагисига алмаштириб ёзиш ҳолатига муносабати чоп этилган.
"Алоқа жараёнида алифбомиздаги баъзи ҳарфлар ўрнига саноқ тизимидаги сонлардан унинг муқобили сифатида фойдаланишмоқда. Масалан, кўплаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари "ч" ҳарфининг ўрнига "4" сонини ёки "ш" ҳарфининг ўрнига "w" (даблю)ни ишлатиши одамнинг ғашига тегади. Бундан ташқари, "ў" ҳарфининг ўрнига "6" сонининг қўлланилишини қандай изоҳлаш мумкин?" деб ёзади мутахассис.
Қолаверса, Моҳинур Анварова бугунги кунда технологиялар тараққиёти анча ошгани туфайли бундай ёзув услубидан воз кечиш пайти келганини таъкидлаган.
"Бундан қарийб 5-6 йил муқаддам чекка ҳудуд аҳолиси учун истеъмолда бўлган уяли алоқа воситалари имкониятлари чекланган ва битта тугмача ортида бир неча ҳарф ва белгилар беркитилган эди. Бугун эса ҳар бир ишора учун алоҳида имконият ва шароит яратилди. Айни давмда турли баҳоналарга ўрин йўқ. Шунчаки, қунт ва савод бўлса кифоя. Минглаб аҳолиси ўз она тилини ташлаб, инглиз тилида гаплашаётган ҳинд халқига қаранг. Бизни ҳам эртага шундай ҳолат кутмаслигига ким кафолат беради? Қачон биз тўғри ёзишни, бехато фикрлашни ва тилимизни ҳурмат қилишни ўрганамиз?" қўшимча қилади педагог.