«Биз паркка кирганимизда, 30-40 йигитлардан ташкил топган тўда биз томонга яқинлаша бошлади. Улардан бири менга ҳуштак чалиб, сўкинарди. Мен эътибор бермадим. У яқинлашиб, бор кучи билан сочимни тортганида, юзига тарсаки туширдим. У эса мени мушти билан ура кетди… Мана уч ҳафтадирки, трубка ва шприц орқали овқатланяпман, биринчи кунлари умуман ҳеч нима ичолмадим ва ея олмадим, глюкоза қуйишди. У кечирим ҳам сўрамади, муолажа пулини ҳам тўламади. Агар дугонам уни ажратмаганида, у мени ўлдирарди…»
Бу сўзларни Фарғона шаҳрида 31 май куни итини сайрга олиб чиқиши ортидан калтакланган 17 ёшли қиз Фейсбукда ёзди. Калта шортик кийиб сайрга чиққани учун маҳаллий йигитлар эътиборини тортган ўсмир қизнинг ушбу ҳужум оқибатида жағи икки жойидан синган.
Июнь охирида Ички ишлар вазирлиги мазкур ҳодиса бўйича 22 яшар йигит ҳибсга олигани ва тергов иши кетаётганини маълум қилди.
Ҳодиса ортидан ўзбекистонлик аёллар эркаклар тегажоғлиги, уйдаги зўравонлик ва камситишлар ҳақида ўз ҳикояларини улаша бошладилар.
Тошкентдаги «Exponaut Art Gallery» галереяси эса ўзига хос норозилик акциясини бошлаб берди. Унга биноан, қатор ёш аёллар «Рус қиз дегани фоҳиша дегани эмас», «Аёл ҳайвон эмас», «Келин қул эмас», «Урдими, ўтиради» каби шиорлар ёзилган табличкалар билан суратга тушишди ва #вместеобольном (оғриқли мавзу ҳақида биргаликда) ҳаштаги билан ижтимоий тармоқларда тарқатишди.
«Сексизм, мизогиния, слатшейминг, харассмент, насилие, виктимблейминг, менсплейинг, ксенофобия – биз буларнинг баридан чарчадик. Биз жим туриш ва чидаш, ҳаммаси ўтиб кетади ва бу нормал деб ўйлашдан чарчадик», – дейилади галерея баёнотида.
Ушбу суратлар ва шахсий ҳикоялар интернетнинг ўзбек сегменитида кўплаб танқидларга сабаб бўлди. Кимдир қизларни енгил кийинишда, яна кимдир уларни ўзбек урф-одатларини ҳурмат қилмасликда айблади. «Феминизм ўзбек жамиятини парокандаликка етаклайди» дейилади яна бир шарҳда.
Астағфирилло!!!
“ВВС”